Собиқ Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов президент Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларни олқишлади

Рустам Азимов. Подробно.uz сайти фотосурати

Собиқ Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Рустам Азимов «ЎзА» миллий ахборот агентлигида мақола чоп этиб, унда Шавкат Мирзиёев даврида мамлакатда юз бераётган ўзгаришларни юқори баҳолади.

Азимов президент Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигини ҳимоя қилишдан ташқари, уни барча йўналишларда мустаҳкамлаётганини таъкидлайди.

«Ўзбекистон демократик жамиятни қуришга киришди. Буни очиқ айтиш керак, осон қарор бўлмади. Эксперт ва мутахассислар “бу қадамни босишнинг вақти ҳали келмади, Сиз ҳам, маҳаллий ҳокимликлар ҳам жуда катта қийинчиликларга дуч келасизлар” деб муҳтарам Президентимизни бу йўлдан қайтармоқчи бўлишган. екин, Шавкат Миромонович ўзларининг метин иродалари туфайли жуда тўғри ва доно қарор қабул қилдилар. Чунки, демократия бўлмаган давлатда ривожланиш бўлиши жуда қийин. Қўпол қилиб айтганда, бир қушнинг қанотларини кесиб ташласангиз, у учмайди», — деб ёзади Азимов.

«Демократия халқимизнинг қанотларни кенг ёйиб, парвоз қилишга, яъни ижодкорлик, ташаббускорлик ва янгиликка интилишга бўлган хусусиятларига кенг йўл очди. Давлат халқнинг фикри, эътирози, арзи ва таклифларини эшитадиган бўлди, шунга жавобан, ўзининг сиёсатини халқ нияти, истаги ва умидлари асосида ўрнатишга кенг йўл очилди. Ўтган 5 йил ичида бу бизнинг энг муҳим ва катта ютуғимиз бўлди», — дея таъкидлайди Рустам Азимов.

У Мирзиёевнинг президентлик даврида қўлга киритган ютуқларини санаб ўтади: валютанинг эркин айланмаси жорий қилингани, банк тизими ва пул муомаласининг эркинлаштирилиши, солиқ юкининг кескин камайтирилиши, хусусий бизнесга кенг йўл очилиши, камбағал оилаларга бюджетдан субсидия берилиши, арзон уйлар қурилиши, кўплаб кимё, газни қайта ишлаш, қурилиш материаллари, машинасозлик, тўқимачилик, фармацевтика, металлургия саноатида янги заводлар, электростанцияларнинг ишга туширилиши ва бошқалар шулар жумласидандир.

«Қайд этишимиз лозимки, 35 миллион аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳаётини тубдан ҳар томонлама ислоҳ қилиш дастурини ишлаб чиқиш ва бошқариш ўз-ўзидан бўлмайди.

Бу ўта оғир юкни фақат давлатимизда вазиятни чуқур биладиган, бой билим ва тажрибага эга бўлган, иродали ва довюрак, олий даражадаги ташкилотчилик қобилиятига эга – миллий лидер Шавкат Мирзиёев матонат билан ўз зиммаларига олиб, амалга оширмоқдалар», — деб ёзади собиқ Бош вазир ўринбосари.

Рустам Азимов 1958 йили Тошкентда академик оиласида дунёга келган. У отаси шарофати билан ўз даврининг нуфузли одамлари — Қудрат Аҳмедов, Эркин Боқибоев ва Алишер Азизходжаевлар билан танишади. Азимов 1991 йили бозор иқтисодиёти шароитида банк-молия тизимини қайта шакллантиришга бағишланган мажлисда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг назарига тушади. Бу пайт у «Ипак йўли» банкининг раиси лавозимида ишлаётган эди. Азимов маърузасидан сўнг Каримов Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкини тузиш қарорини имзолайди ва Азимовни унинг бошқарув раиси этиб тайинлайди.

1998 йилдан бошлаб Рустам Азимов Молия вазири, Иқтисодиёт вазири, Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари лавозимларида ишлаб келган. Каримов вафотидан кейин у президентликка номзодларнинг бири ҳисобланган, лекин Азимов сайловда иштирок этмади. 2017 йил июнда Азимов Бош вазир ўринбосари лавозимидан бўшатилади ва «Ўзбекинвест» суғурта компаниясининг бош директори этиб тайинланади. Шундан сўнг у ҳақида ҳеч нарса эшитилмаганди.