Ўзбекистонда терилган Renault автомобилларининг сотуви ноябрь ойида бошланади

Renault.kz сайти фотосурати

Француз автоконцерни Renault Ўзбекистонда терилган автомобиллар сотуви 2021 йил ноябрда бошланишини эълон қилди. Бу ҳақда Аutostat.ru хабар беради.

Мазкур бренднинг ўзбек бозорига кириб келиши, унинг маҳаллий ҳамкори Roodell компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Маълумки, мазкур компания Ўзбекистонда Lada автомобилларини ишлаб чиқишни йўлга қўйганди.

Renault Ўзбекистон бозорида SUV сегменти моделини тақдим этади: дастлаб купе-кроссовер Renault Arkana ва кроссовер Renault Kaptur, кейин Renault Duster сотувга чиқарилади.

Renaultнинг Ўзбекистондаги дилерлик тармоғи бозор таклифига қараб аста-секин шакллантирилади. Дастлабки сотув ва автомобилларга хизмат кўрсатиш Тошкендаги иккита дилерлик маркази орқали амалга оширилади.

«Нархлар Россияга кўра баланд бўлади, деб тахмин қиламан. Бунга логистика, комплектациядаги фарқлар, мамлакатда мавжуд солиқ ва бож тўловлари таъсир қилади. Шунинг учун, кўп ҳолларда машинанинг нархи юртимизда Россияга қараганда баланд, лекин Қозоғистонга нисбатан паст шаклланади», —дейди Roodell компанияси муассиси Даниёр Давлетёров Spot.uz га берган интервьюсида.

Renault.uz сайтида энг арзон Renault Captur автомобилининг нархи — 221,1 млн ($20,7 минг) сўмдан бошланади. Россияда ушбу машинанинг нархи 1,220 млн ($17,1 минг) рублдан, Қозоғистонда – 7,718 млн ($18,1 минг) тенгедан бошланади.