Тошкентда Ботир Зокиров номида Миллий эстрада санъати институти ташкил этилади

БОТИР ЗОКИРОВ. TAFSILAR.INFO САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида Ботир Зокиров номида Миллий эстрада санъати институти ташкил этилади. Бу ҳақда президент қарорида сўз юритилади.

Институтда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланиб, таълим давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Институтга қабул параметрлари белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

Қарорга мувофиқ рўйхатда келтирилган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида таҳсил олаётган Консерваториянинг 2-4 курс талабалари 2021/2022 ўқув йилидан ўқишини Институтда давом эттиради ва ўқиш якуни бўйича уларга давлат намунасидаги диплом берилади.

Институтда Ботир Зокиров хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси ва музей, ўзбек миллий эстрадаси намояндаларининг “устоз-шогирд” ижрочилик мактаблари, замонавий ижодий студиялар ва ахборот-ресурс маркази ташкил этилади.

Институт вақтинчалик Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Бешёғоч мавзеси, Дархон кўчаси, 157-уйда жойлашган 3-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби бино ва иншоотларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Ботир Зокиров — машҳур эстрада хонандаси. У 1936 йили 26 апрелда Москвада туғилган. Зокировни ўзбек эстрадаси асосчиси, дейишади. Бортир Зокиров кўпқиррали санъаткор бўлган ва кўп тилларда қўшиқлар ижро этган. У 1956 йили «Юность» («Ёшлик») эстада гуруҳи билан Москвада Ёшлар ва талабаларнинг халқаро фестивалида иштирок этган ва кейинчалик халқлар орасида машҳур бўлган «Араб тангоси» қўшиғини ижро этган.

Ботир Зокиров 1985 йили оламдан ўтди. 2020 йили Ўзбекистон президенти Ботир Зокировнинг 85 йиллик юбилейини кенг нишонлаш бўйича қарор қабул қилди. 2021 йили буюк эстрада хонандаси «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди.