Тошкент метро бекатлари олдида автотураргохлар ташкил этилади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади. Бу ҳақда 16 сентябрь куни Ўзбекистон президенти имзолаган қарорда сўз юритилади, деб хабар беради республика Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

2022 йил 1 октябргача Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати (Туркистон, Юнусобод, Чилонзор ва ер усти ҳалқа линиясининг 3, 4 ва 5-бекати) атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади. 2022 йил 1 июлгача 7 та метро бекатида (Беруний, Чорсу, Пахтакор, Олмазор, Туркистон, Қўйлиқ бозори, Чилонзор) транспорт ўтиш боғламалари ташкил этилади.

2022 йил 1 январдан мобил илова ишга туширилади. Унда метрополитен йўналишлари, бекатлар (улар атрофида жойлашган объектлар ва жамоат транспорти йўналишлари), поездлар ҳаракати жадвали, электрон тўловга доир маълумотлар жойлашади.

2022 йил 1 апрелгача ер усти ҳалқа метро бекати йўналишида йўловчилар учун бепул WI-FI тизими билан боғлаш ва ер ости метро бекатларида мобил алоқа операторлари хизматларидан фойдаланиш имкониятлари яратилади.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт вазирлиги тизимига ўтказилиб, “Тошкент метрополитени” давлат унитар корхонасига ўзгартирилди. “Тошкент метрополитени” ДУК бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда транспорт вазири томонидан лавозимга тайинланади.

Қарорга мувофиқ, 2021–2023 йилларда Тошкент метрополитенида йўловчи ташиш ва поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

2024 йил 1 январга қадар ДУК Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товарлар импорти бўйича божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона йиғимидан ташқари) озод этилган.