Фарғонада гибрид электромобиллар ишлаб чиқарилади

Фарғона вилояти ҳокимияти матбуот хизмати фотосурати

Central Asia Motors тест режимида 12 та электромобиль – тўртта енгил ва саккизта юк машиналарини ишлаб чиқаради. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимияти хабар беради.

Фарғона механика заводи ҳудудида жойлашган ушбу корхонада умумий қиймати 50 миллион доллар бўлган «Электромобиллар учун эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда енгил ва юк электромобиллар ишлаб чиқариш» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу маблағнинг 5 миллион доллари тадбиркорнинг ўз маблағлари, яна 5 миллион доллари банк кредити бўлса, қолган 40 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобланади.

Босқичма-босқич амалга ошириладиган ва 2022 йилда якунланадиган лойиҳа натижасида 350 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Тўла қуввати билан ишга тушгач, корхонада йилига 10 мингта электромобиль ишлаб чиқарилади. Ҳозирда республикада электромобилларни қувватлантириш шахобчалари оммалашмаганини боис, дастлабки босқичда гибрид қувватли (ток ва бензин) электромобиллар ишлаб чиқарилиб, бунда электр қуввати 20 фоиздан камайганда бензин двигатели ишга тушади ҳамда бензин билан ишлаш жараёнида электромобиль батареяси қувват олади.

2020 йил июнда Фарғона вилоятидаги электромобилларни ишлаб чиқарувчи корхона хитойликларнинг Changan Automobile Group автомобиль концерни томонидан қурилиши тўғрисида хабар берилганди. Биринчи босқичда $15-20 млн инвестиция жалб этилиб, 100-150 та ишчи ўрни ташкил этишили режалаштирилганди.