Uzbekistan Airports хорижий аивакомпаниялар учун тарифларни пасайтирди

Uzbekistan Airports компанияси хорижий авиакомпаниялар томонидан амалга ошириладиган мунтазам қатновларга ер усти хизмат кўрсатиш тарифлари ва йиғимларининг янги рўйхатини тасдиқлади. Бу ҳақда компаниянинг ахборот хизмати хабар беради.

Хусусан, қуйидаги хизматлар учун ставкалар ва тўловлар пасайтирилди:

- самолётнинг қўниш ва чиқиш йўлагини таъминлаш;

- йўловчиларнинг авиация хавфсизлигини таъминлаш;

- самолётнинг авиация хавфсизлигини таъминлаш;

- аэровокзалдан фойдаланиш;

- йўловчиларга хизмат кўрсатиш;

- «CУТE» платформасига кириш.

Ўртача тарифларнинг пасайиши 15% га тенг бўлади. Нархлар ва тўловларнинг янгиланган рўйхати 31 октябрдан — IАТА 2021/2022 қиш мавсумининг бошидан бошлаб киритилади.

«Ўзбекистонга хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш учун биз аэропортларимизнинг жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга интиламиз, жумладан, хизмат пакетларини алоҳида вариантларга бўлиш ва уларнинг қийматини камайтириш орқали», — дейди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Рано Жўраева.

Унинг сўзларига кўра, авиакомпаниялар учун тарифларнинг пасайиши амалга оширилаётган рейслар нархини пасайтириш ва йўловчилар учун авиачипталар нархини пасайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш имконини беради.

«Биз томондан яна бир муҳим қадам фақат воситачиларсиз тўғридан-тўғри шартномалар билан ишлаш бўлади. Яъни, аэропорт тўғридан-тўғри авиакомпания билан шартнома тузади ва авиакомпания фақат керакли хизматларни сотиб олади», — дейди Жўраева.

Бу йили Uzbekistan Airports иккинчи бор авиаташувчилар учун тарифларни пасайтирмоқда. Нархлар ва тўловларнинг биринчи пасайиши 31 мартдан бошлаб — ёзги жадвалга ўтиш билан-ўртача 27% эди. Жами чегирмалар 43% ни ташкил этди.

Uzbekistan Airways акциадорлик жамияти 2019 йил сўнггида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясини (МАК) реструктуризация қилиш натижасида ташкил топди. АЖ таркибига 11 та халқаро аэропорт— Тошкент (Ислом Каримов номидаги аэропорт), Андижон, Фарғона, Наманган, Қарши, Термиз, Урганч, Нукус, Самарқанд, Бухоро ва Навоий аэропорти киради. Компания аэропортларни ривожлантириш, йўловчиларга хизмат кўрсатишга жавоб беради. Шунингдек, у парвозлар жуғрофиясини кенгайтириш ва бошқа вазифаларни ўз зиммасига олган.