Ўзбекистонда тўққиз ой мобайнида экспорт ҳажми учдан бир қисмга ошган

Еast-fruit.com сайти фотосурати

Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 ойида экспорт ҳажми, олтин экспортини инобатга олмаганда 34,1 фоизга ўсиб, 8,9 миллиард долларни ташкил этди, деб хабар беради ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисида жорий йилнинг 9 ойлик якунлари бўйича республикада ялпи ички маҳсулотнинг 6,9 фоизга ўсганлиги қайд этилди.

Ушбу даврда 338 мингта қўшимча иш ўрни яратилган. 77 мингга яқин янги тадбиркорлик субъекти ўз ишини бошлади. Инвестициялар ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 32 фоизни ташкил қилган.

Жорий йил якуни бўйича Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 6,5-7 фоиз атрофида бўлиши, бунда саноатда ишлаб чиқариш ҳажми – 9,1, қурилиш ишлари ҳажми – 6,6, хизматлар соҳаси – 8,6 ва Қишлоқ хўжалиги – 2,8 фоизга кўпайиши кутилмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиёти жорий йилда 6,1 фоизга ўсган.

Мамлакатнинг ўрта муддатли макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозининг асосий сценарийсида келгуси беш йилда ЯИМнинг ўртача ўсиш суръати 6,5 фоизда бўлиши прогноз қилинган.

Хусусан, 2022 йилда ЯИМнинг 5,9 фоизга ўсиши, келгуси йилларда эса ўсиш суръатларининг бундан юқори бўлиши ҳисоб-китоб қилинган.