АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм барчани ўзбек тилини ўрганишга чақирди

ДЭНИЕЛ РОЗЕНБЛЮМ ЎЗБЕК ТИЛИ БАЙРАМИ КУНИ БИЛАН ТАБРИКЛАМОҚДА. АҚШ ЭЛЧИХОНАСИ ВИДЕОРОЛИГИДАН КАДР

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм республика аҳолисини 21 октябрда нишонланаётган Ўзбек тили байрами куни билан табриклади. Бу ҳақда америка дипмиссия матбуот хизмати хабар беради.

Элчи республика халқини ўзбек тилида табриклади.

«Мен ўзбек тилини озгина бўлсада ўрганганимдан хурсандман. Умид қиламанки, ўзбек тилининг аҳамияти ўсиб боради», — деди Розенблюм.

У барчани Ўзбекистон давлат тилини ўрганишга, шунингдек ўзбек халқи маланияти, урф-одатини яхшироқ англаш учун ўзбек тилидаги китобларни мутоала қилишга чақирди. Элчи жаноблари сўзининг охирида Ҳамид Олимжоннинг «Ўзбекистон» шеъридан бир парча ўқиди:

Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон,

Достонларда битган гулистон —

Ўзбекистон дея аталур,

Уни севиб эл тилга олур.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев барчани Ўзбек тили байрами куни билан табриклади. У,жумладан ўтган қисқа даврда ўзбек тилини чуқур ўрганиш ва ўргатишга хизмат қиладиган 16 та китоб, жумладан, 9 та луғат нашр қилинганини таъкидлади.

Президент ҳозирги кунда Ўзбекистонда яшаётган турли миллат вакиллари ва чет эл фуқароларида ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ва эътибор ортиб бораётганини ҳисобга олиб, улар учун махсус дарслик, луғат ва қўлланмалар, видео ва аудиоматериаллар ҳажмини ошириш кераклигига урғу берди.

«Чет эл фуқаролари ва юртдошларимизга ўзбек тилини ўргатадиган онлайн платформа,

ўзбек тили изоҳли луғатининг мобиль иловаси, хориждаги ватандошларимиз учун махсус веб-сайт яратилгани ҳам албатта муҳим аҳамиятга эга», — деди Мирзиёев.

Ўзбек тилининг жозибадорлигини ошириш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этиш, бу мақсадда моддий рағбатлантириш чораларини ҳам кенг қўллаш лозим.

«Хусусан, тилшунос ва луғатшунос олимларимизнинг, шоир-адибларимизнинг ушбу соҳадаги машаққатли ва шарафли меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг илмий тадқиқотлари, дарслик ва қўлланмалари, китоб ва рисолаларини давлат буюртмаси шаклида нашр этиш ва кенг жамоатчиликка етказиб бериш учун алоҳида дастур ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз зарур.

Давлат тилига оид барча маълумотларни ўзида жамлаган Ўзбек тили миллий корпусини яратишни тезлаштириш, она тилимизни Интернет глобал тармоғида оммалаштириш ва ушбу маконда мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлаш, дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловаларини яратиш ишларини жадаллаштириш ҳам олдимизда турган долзарб вазифадир», — деди президент.

2019 йили ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги муносабати билан 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни деб эълон қилинди.