Путин «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш борасида фикр билдирди

Владимир Путин. Россия президенти сайти фотосурати

Россия президенти Владимир Путин «Толибон»* ҳаракатини террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш БМТ доирасида ҳал этилиши кераклиги ва Россия ушбу йўналишда ҳаракат қилишини маълум қилди. Бу ҳақда у «Валдай» клубининг XVIII мажлисида таъкидлади, деб хабар беради РИА Новости.

Путин Валдай форуми давомида «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатига қўшиш БМТ даражасида қабул қилинганини эслатиб ўтди.

«Шундан келиб чиқиб, бизлар ҳам террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш борасида қарор қабул қиламиз. Менимча, бу масала ҳал бўлади…Россия позицияси айнан шу йўналишда ҳаракат қилишдан иборат бўлади», — деди Россия президенти.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Хавфсизлик кенгаши 1999 йили «Толибон»ни террорчиларга шерик деб тан олиш ва унга нисбатан санкция жорий қилиш тўғрисида 1267-резолюцияни қабул қилганди. Ушбу резолюцияни бажариш мақсадида Владимир Путин 2000 йил май ойида Россиянинг «Толибон» ҳаракатига қарши санкция эълон қилишига доир фармонни имзолади.

Шуни таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг 30 октябрида Афғонистон муваққат ҳукумати раиси Абдул Салом Ҳанафи бошчилигидаги толиблар делегацияси Москвага ташриф буюрди ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокаралар олиб борди. Музокалар якунига кўра, Кремль Афғонистонга гуманитар ёрдам беришини маълум қилди.

Бундан ташқари, Москва учрашувида Россия ва бошқа давлатлар толибларни «Афғонистондаги барча этник гуруҳлар манфаатини ифода этувчи» давлат тизимини барпо этишга чақирди. Учрашув ишчирокчиларига кўра, ушбу шартларнинг амалга ошиши Афғонистонда барқарорлик ҳукм суришига замин яратади.

*Россия ва кўпчилик давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).