Россия авиакомпанияларининг Ўзбекистонга мунтазам парвозларни амалга оширишига доир қиш мавсуми жадвали тасдиқланди

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ИАТА 2021/2022 қиш мавсуми бўйича Россия авиакомпанияларининг Ўзбекистонга мунтазам парвозлари жадвалини тасдиқлади, деб хабар беради вазирлик ахборот хизмати.

Мунтазам парвозлар «Аэрофлот», S7 Airlines, «Уральские авиалинии», Red Wings ва Smartavia компаниялари орқали амалга оширилади.

«Аэрофлот» Москва – Тошкент – Москва маршрути бўйича ҳафтасига тўртта рейсни амалга оширади.

S7 Airlines жадвалида ҳафтасига еттита рейс кўрсатилган: Москвадан – Самарқанд, Урганч ва Бухорога, Новосибирскдан – Бухоро, Наманган ва Фарғонага, Иркутскдан – Фарғонага.

Ural Airlines ҳам Ўзбекистонга ҳафтасига еттита рейсни амалга оширади: Москвадан – Наманган ва Самарқандга, Санкт-Петербургдан Урганч ва Фарғонага, Екатеринбургдан Наманган ва Самарқандга, Қозон шаҳридан Самарқандга.

Red Wings ҳафтасига тўртта рейсни амалга оширади: Москвадан – Фарғона, Самарқанд ва Бухорога, Қозондан – Бухорога.

Smartavia компанияси Санкт-Петербургдан Наманган ва Бухорога жами ҳафтасига иккита парвоз уюштиради.

Ўзбекистон Россия билан мунтазам авиапарвозларни 2021 йил 1 апрелдан йўлга қўйди. 30 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев «Uzbekistan Airways» АЖ трансформация жараёнини жадаллаштиришга оид «йўл харитаси»ни имзолади. Унга кўра, 2021 йили авиакомпания йўловчиларни ташиш бўйича Россия билан алоқаларни тиклаши лозим эди. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, пандемияга қадар Uzbekistan airways компанияси Россияга ҳафтасига 87 та рейс уюштирган, Россия авиакомпаниялари эса ўзбек шаҳарлари бўйлаб ҳафтасига 97 та авиапарвозларни амалга оширган.