Мирзиёев Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш доирасида «Йўл харитаси»ни тайёрлаш бўйича топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

2022 йил 1 мартига қадар 2022-2023 йилларда Маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони тайёр бўлиши лозим. Шавкат Мирзиёев шу ҳақда фармойишни имзолади.

Президент Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқишни мувофиқлаштирувчи республика комиссияси ва олттита ишчи гуруҳини тузиш бўйича топшириқ берди. Ишчи гуруҳи маълум йўналиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқади. Жумладан:

- давлат бошқаруви органларининг мақомини белгилаш, тузилмаларини такомиллаштириш ва штат бирликларини мақбуллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш бўйича;

- давлат бошқаруви органлари фаолиятида рақамли технологиялар, очиқлик ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш бўйича;

- давлат бошқаруви органларининг моддий-техника таъминотини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш бўйича;

- давлат бошқаруви органларининг кадрлар салоҳиятини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш бўйича

- давлат бошқаруви органларида коррупциянинг олдини олиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш бўйича;

- Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш бўйича.

Ишчи гуруҳи аъзолари асосий иш жойидаги вазифалардан тўлиқ озод қилинади ҳамда тегишли давр мобайнида улар учун қонунчиликда белгиланган барча шарт-шароитлар сақлаб қолинади.

2022 йил 20 январга қадар ишчи гуруҳлари томонидан ҳар томонлама асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилишини ва уларнинг манфаатдор вазирлик ва идоралар, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликлар билан келишилишини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилиши таъминланади.

Ўзбекистонда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси 2017 йил сентябрда тасдиқланган эди. У фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга, шунингдек, давлат бошқарувининг самарали ва шаффоф тизимини жорий этишга, мамлакатнинг халқаро майдонда рақобатбардошлигини оширишга қаратилганди.

Концепция доирасида 100 дан ортиқ давлат ва хўжалик ташкилотлари фаолияти қайта кўриб чиқилиши кўзда тутилган. Маъмурий ислоҳотлар концепциясини муваффақиятли амалга ошириш орқали «халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» тамойили ҳаётга тўлиқ тадбиқ этилиши лозим.