Тошкентда адабиёт музейи ва президент кутубхонаси барпо этилади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

22 ноябрда Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти ўтказилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Улардан бири – Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи бўлиб, Адиблар хиёбонига туташ ҳудудда қурилади. Ушбу мажмуа музей билан бирга илмий тадқиқот маркази, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, мактаб ва ётоқхонани ўз ичига олади.

Ўзбекистон Миллий боғи яқинида Президент кутубхонаси қурилиши ҳам режалаштирилган. У 4 қаватли бўлиши, бир вақтда 1 минг 400 дан зиёд ўқувчига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган. Кутубхонада 1 миллион 500 мингта китоб сақланиши билан бирга электрон адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари ҳам бўлади, дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Қурилиш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил якунига қадар Тошкент шаҳар бош режасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Шунингдек, Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтказилган ҳудудлар учун батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида жойлашган «Наврўз» тўйхонасининг бузилиши пайтида Тошкент ҳокимлиги бу ерда маданий-маърифий комплекс қурилиши бошланганлиги ҳақида хабар берганди. «Газета.уз» манбасига кўра, «Наврўз» ўрнига 1,5 млн китоб фондига эга кутубхона қурилиши кўзда тутилганди. 2020 йилнинг ноябрь ойида эса мазкур бино капитал ремонт қилинганидан сўнг уни Давлат иштирокидаги корхоналарни соғломлаштириш ва давлат активларини хусусийлаштириш марказига айлантириш режалаштирилгани хабар қилинганди.