Самарқанд шаҳри кенгайтирилган сўнг бешта туманга бўлинади

Samturinfo Telegram-канали фотосурати

Вилоятнинг айрим ҳудудлари Самарқандга қўшилганидан сўнг шаҳар бешта туманга бўлинади. Бу ҳақда STV телекомпанияси Samturinfo Telegram-каналига таянган ҳолда хабар беради.

Samturinfo ихтиёрида бўлажак Самарқанд харитаси бор бўлиб, унда миллионли шаҳар қуйидаги маъмурий-ҳудудий тузилмалардан иборат бўлади:

- Қорасув туманига 134, 7 минг кишидан иборат 33 та маҳалла;

- Сиёб туманига 301,3 минг кишидан иборат 100 та маҳалла;

- Суғдиёна туманига 184, 9 минг кишидан ибрат 54 та маҳалла;

- Боғишамол туманига 170,5 минг кишидан иборат 55 та маҳалла;

- Мароканд туманига 226, 6 минг кишидан иборат 51 та маҳалла киради.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, 2020 йили Самарқандда 600 мингдан ортиқ одам истиқомат қилган. 2040 йилга келиб шаҳар ҳудуди Пастдарғом, Нуробод ва Самарқанд туманлари ва «йўлдош шаҳарлар» ҳисобига деярли уч баробарга, яъни 11,2 минг га дан 30 минг га кенгаяди. Аҳоли сони 1,1 миллионни ташкил этади.

Википедияга кўра, Самарқанд шаҳрининг илк маъмурий ҳудудларга бўлиниши 1939 йили содир бўлган. 10 февралда шаҳарда Эрон (кейинчалик Боғишамол номини олган), Темир йўл ва Сиёб туманлари бўлган. 1950 йили барча туманлар қисқартирилган, 1976 йили улар яна ташкил топган. Бошқарув персоналини камайтириш мақсадида 2004 йил 1 январда шаҳарнинг барча туманлари яна тугатилди.