«Янги Ўзбекистон шифокорлари» платформаси ўзида тиббиёт тизимини ривожлантиришга доир ғоя ва таклифларни жамлайди

pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги «тиббиёт соҳасида фаол ва ташаббускор ёшларни жамлаш» мақсадида «Янги Ўзбекистон шифокорлари» платформасини яратди, деб хабар беради вазирлик Telegram-канали.

«Президентимиз тиббиёт соҳасини халқимизни рози қиладиган тизимга айлантириш бўйича олдимизга жуда катта вазифаларни қўйган. Буларни тўлақонли рўёбга чиқариш, соҳада ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш учун янги ғоя ва ташаббуслар, креатив ёндашувлар ниҳоятда зарур. Бу борада Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётган, жамиятдаги янгиланишлар жараёнида фаол иштирок этиб, долзарб масалаларни дадил кўтариб чиқаётган ёш шифокорлар куч-ғайрати, азму шижоатига суянамиз», — дейилади хабарда.

Янги платформа нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг бошқа ҳудудида яшаб, меҳнат қилаётган 45 ёшгача бўлган шифокор ватандошлар учун мўлжалланган.

Бунинг учун рўйхатдан ўтиб, соҳа олдида турган долзарб масалаларнинг ечимлари бўйича ғоя ва таклифлар тақдим этилади. Уларнинг конфиденциаллиги таъминланади. Энг яхши ғоя ва таклифлар берган ёш шифокорлар вазирликнинг истиқболли кадрлар захирасига киритилади.

Аҳоли саломатлигини сақлаш устувор вазифалардан бири экани тўғрисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг ноябрь ойида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида гапириб ўтди. Президент кейинги беш йил ичида тиббиёт соҳасига йўналтириладиган маблағлар икки баробарга кўпайтирилиши, 2006 йилга бориб олий тоифали врачлар маоши $1 минг эквивалент даражасига етказилишини маълум қилди.