Тошкент вилоятида йирик гидро иншоот барпо этилади

Пском дарёси тўсилиши. Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

25 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида республика бўйича Чорвоқ ГЭСидан кейинги иккинчи йирик иншоот қурилиши учун Пском дарёсини тўсиш тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беради.

Пском ГЭС нинг электр энергия имконияти 400 МВтни ташкил этади, йилига 950 млн. кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқаради

Пском дарёси гидро салоҳиятидан фойдаланиш мақсадида техник иқтисодий асоснома дастлаб 1987 йилда ишлаб чиқилган. 2020 йили россиялик мутахассислар иштирокида янги ТИА ишлаб чиқилди. Иншоотнинг техник ечимларини ХХР, Туркия, Россия, Германия мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.

«Гидропроект» АЖ маълумотига кўра, 73 километрга чўзилган Пском дарёси тўлалигича республика ҳудудида жойлашган ва у ўзлаштирилмаган дарё ҳисобланади. Пском дарёсида умумий қуввати 1 320 МВт ва йиллик ўртача ишлаб чиқариши 3 140 млн кВт соат бўлган 5 та йирик ГЭС қурилиши кўзда тутилган. Пском сув омбори тўла ҳажмда 511,2 млн. м3 сувни ташкил қилиб, ундан олинадиган самарали сув куби 468,9 млн. м3 ни ташкил қилади.